Асакада 9 ёшли қиз ўлдириб кетилди

Қизнинг кўкрак ва қорнига кесувчи-санчувчи жисмлар орқали 16 та тан жароҳати етказилган.

Бош прокуратура Андижон вилоятининг Асака туманида 9 ёшли қиз ўлдириб кетилгани тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни тасдиқлади.

Xabar.uz нашри Бош прокуратура матбуот хизматига бу борада сўров жўнатган ва тасдиқ жавобини олган.

Хабарда айтилишича, шу йилнинг 21 июнь куни соат 18:00 атрофида тумандаги маҳаллаларнинг бирида вояга етмаган Қ.И.нинг (2011 йилда туғилган, қиз бола, мактаб ўқувчиси) жасади уйидан топилган.

Қизнинг кўкрак ва қорнига кесувчи-санчувчи жисмлар орқали 16 та тан жароҳати етказилган.

“Ҳодиса жойини кўздан кечириш жараёнида мурда ётган хонада буюмларнинг жойлашиш тартиби бузилганлиги, кийиниш столи (трюмо) тортмасида бўлган 1,5 млн. сўм пул йўқолганлиги аниқланган”, - дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан шу кунёқ ЖКнинг (Жиноят кодекси) 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов-тезкор гуруҳи ташкил этилган. Жиноятни фош этиш чоралари кўрилмоқда.