Ядровий қурол бўйича АҚШ-Россия музокарасининг биринчи босқичи якунланди

Шартнома бўйича АҚШ бош музокарачиси Маршалл Биллингсли.

Қўшма Штатлар Россия билан имзоланиши кутилаётган ядровий қуролларни назорат қилиш шартномаси доирасини кенгайтириш ва унга Хитойни ҳам таклиф этиш фикрида собит қолмоқда. Бу ҳақда 23 июнь куни Венада ўтган АҚШ-Россия музокараларидан сўнг Вашингтон музокарачиси Маршалл Биллингсли маълум қилди.

Маршалл Биллингслига кўра, Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков билан шартнома юзасидан ўтказилган музокараларда сезиларли силжишлар кузатилган. Жумладан, томонлар янги шартномани ишлаб чиқиш учун бир нечта техник гуруҳларни ташкил этишга келишиб олди.

“Қўшма Штатлар янги шартнома нафақат стратегик ядровий қуролларни, балки барча турдаги ядровий қуролларни қамраб олишига умид қилади”, -деди Маршалл Биллингсли.

Россия ва АҚШ ўртасида 2010 йилда имзоланган ядровий қуролларни қисқартириш шартномасининг муддати 2021 йилнинг февралида якунланади. Шундан келиб чиқиб, Россия АҚШни ядровий қуролларни қисқартириш шартномасини узайтиришга чақирган эди.

Янги шартнома юзасидан музокараларнинг биринчи босқичи 22 июнда Венада бўлиб ўтди. Шартномага асосан ҳар икки томон узоқ масофага отилувчи ядровий каллаклар сонини 1550тага қисқартириши лозим. Вашингтон Хитойни ҳам бу шартномага қўшилишга таклиф қилмоқда.