Қирғизистон президенти Москвадаги парадда иштирок эта олмади

Жээнбеков билан бирга Москвага борган икки кишида коронавирус аниқланди.

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган парадда иштирок этиш учун Москвага борган Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков мазкур парадда қатнаша олмади.

Расмий хабарда айтилишича, Жээнбеков билан бирга Москвага борган президент маъмурияти ходими Данияр Сидиқов ва тансоқчилардан бирида коронавирус аниқлангани ортидан мана шундай ҳолат юзага келган.

Президент матбуот котиби Тўлганай Стамалиеванинг 24 июнда билдиришича, Москвадан Бишкекка қайтганидан сўнг Жээнбеков COVID-19га анализ топширади ва уч кун ўзини яккалаш режимида бўлади.

Коронавирус аниқланган икки киши эса 14 кунлик карантинга олинади.

Коронавирус пандемияси муносабати билан Иккинчи жаҳон урушида Германия устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан 9 май куни Москвада ўтказилиши режалаштирилган Ғалаба паради 24 июнга қолдирилган эди.

Ҳарбий парадда Ўзбекистон президентидан ташқари Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Сербия, Тожикистон президентлари, шунингдек, ўзини Грузиядан мустақил деб эълон қилган Абхазия ва Жанубий Осетия президентлари иштирок этиши режалаштирилган эди.

Арманистон, Озарбайжон ва Туркманистон президентлари ўз мамлакатларидаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, Москвадаги тадбирларда қатнашмаслигини билдирган.