Туркияда яна 121 киши бир умрга қамалди

Полиция ходимлари давлат тўнтаришида айбланганлардан бирини судга олиб кетмоқда.

Анқара суди 2016 йилда муваффақиятсиз якунланган давлат тўнтаришида иштирок этганликда айбланган 121 кишини бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Анадўлу агентлигининг билдиришича, қамалганлардан 86 одам, суд ҳукмига асосан, умрбод “қаттиқ режимли камера”да сақланади.

Хабарда қамалганларнинг барчаси ҳарбийлар экани айтилмоқда. Уларнинг орасида бир нафар полковник қотилликда ҳам айбдор деб топилди. Тергов ҳужжатларида таъкидланишича, полковник полициянинг аксилтеррор бошқармаси бошлиғи ва унинг тансоқчисини ўлдиришга буйруқ берган. Оғир яраланган полициячи тирик қолган, аммо унинг тансоқчиси ҳалок бўлган.

Бу билан Туркияда 2016 йил воқеасида айбланиб, умрбод қамалганлар сони 1934 кишига етди.

Президент Эрдўғон ҳукумати 1999 йилдан бери АҚШда муҳожиратда яшаëтган уламо Фатҳулло Гуланни 2016 йили муваффақиятсизликка учраган давлат тўнтариши ташкилотчиси деб билади. Гулан ўзи ва тарафдорларига қўйилаëтган айбларни инкор қилиб келмоқда.

Бу воқеадан бери Туркияда 77 минг одам устидан жиноят иши очилди¸ 150 минг одам ўз ишидан ҳайдалди.