Тошкентда бир кунда коронавирусдан икки киши вафот этди. Ўлганлар сони 22 кишига етди

Июнь ойининг ўзида 7 нафар бемор ҳаётдан кўз юмган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 29 июнга ўтар кечаси Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшовчи, 42 ёшли Д.Х., коронавирусдан вафот этганини билдирди.

Вазирлик хабарида таъкидланишича, 2018 йилда биринчи маротаба инсульт бўлган Д.Х., (эркак) жорий йил 20 июнь куни бош мия қон айланиши ўткир бузилиши (инсульт)нинг қайталаниши билан ўта оғир ҳолатда Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази реанимация бўлимига ётқизилган.

Беморда 22 июнь куни коронавирус аниқланган ва унга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасига ўтказилган ҳамда аҳволи кескин ёмонлашганлиги сабабли сунъий нафас бериш аппаратига олинган.

“Беморнинг даволаниши давомида кунлик аҳволи тажрибали шифокорлар томонидан ҳам назоратга олиниб, бир неча бор консилиумлар ўтказилган. Бироқ шу соҳа мутахассисларининг стандартлар асосида ўтказган реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор бош мия қон айланишининг ўткир бузилиши, ўткир нафас ва ўпка-юрак етишмовчилигидан вафот этди”, -дейилади хабарда.

28 июнь куни Яккасарой туман тиббиёт бирлашмаси шифокорининг коронавирусга чалингани, оқибатда миокард инфаркти, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этгани хабар қилинганди.

Хабарда айтилишича, пойтахтдаги Яккасарой туман тиббиёт бирлашмаси шифокори бўлган 52 яшар А.У., шу йилнинг 14 июнидан Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги Ўртасарой карантин марказида фуқароларга тиббий хизмат кўрсатишни бошлаган.

23 июнь - иш бошлаганидан 9 кун ўтиб, аҳволи оғирлашган ва шифохонага ётқизилган. 26 июндан юрак, нафас ва ўпка етишмовчилиги кузатилиб, аҳволи оғирлашгани учун реанимация бўлимига олинган.

28 июнга келиб, миокард инфаркти, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Эндиликда ўлим ҳолатлари сони 22 тага етди. Июнь ойининг ўзида 7 нафар бемор ҳаётдан кўз юмган.