Жиззахда коронавирусдан яна бир одам вафот этди

Июнь ойида коронавирусдан вафот этганлар сони Ўзбекистонда 9 кишини ташкил қилди.

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида яшовчи, 72 ёшли Қ.Р., коронавирус оқибатида вафот этгани ҳақида 30 июнга ўтар кечаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Расмий хабарда айтилишича, Қ.Р., жорий йил 20 июнь куни коронавирусга гумон қилинган ва карантинда тиббий кузатувга олинган. 22 июнь куни эса Жиззах вилояти юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Унда 25 июнь куни коронавирус аниқланган. Беморга “Коронавирус инфекцияси оғир кечиши, чап томонлама бронхопневмония, нафас етишмовчилиги 2-даража” ташхиси, шунингдек, “Юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония касаллиги, сурункали юрак етишмовчилиги, қандли диабет оғир кечиши” қўшимча ташхиси ҳам қўйилган.

Сўнгги кунларда нафас, юрак ва ўпка етишмовчилиги сабабли беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, реанимация бўлимига ўтказилган ҳамда тиббий ёрдам кўрсатилган.

“Тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир миокард инфаркти, ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди”, - дейилади хабарда.

Бу билан Ўзбекистонда коронавирусдан ўлганлар сони 24 кишига етди. 29 июнь куни Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида яшаган ва коронавирус юқтириб олгани тасдиқланган 58 ёшли аёл ҳам вафот этган эди.

28 июнда ҳам Яккасарой туман тиббиёт бирлашмасининг коронавирус юққан шифокори ва Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшовчи, 42 ёшли Д.Х., коронавирусдан вафот этгани билдирилган.

Июнь ойида коронавирусдан вафот этганлар сони Ўзбекистонда 9 кишини ташкил қилди.