Президент Шавкат Мирзиёев 30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан мамлакат ёшларини табриклади. Президент матбуот хизмати томонидан эълон қилинган табрикда таъкидланишича, “Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда азму шижоатли ёшларнинг ўрни ва таъсири тобора ортиб бормоқда”.
Табрикда, Ўзбекистонда 227 мингга яқин ёш тадбиркор ва фермер самарали ишлаётгани ҳам қайд этилади. Президентга кўра, ‘Ёшлар — келажагимиз’ дастури доирасида ёш авлод вакилларининг 7775 та бизнес лойиҳасига 1 триллион 635 миллиард сўмдан зиёд имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб, шу асосда 40 мингга яқин янги иш ўрни ташкил этилган.
Президентнинг билдиришича, ‘Ҳар бир ёшга — бир гектар’ лойиҳаси бўйича 65 мингга яқин ёш деҳқонларга 54 232 гектардан зиёд ер ажратилди.
“Ана шундай муҳим чора-тадбирлар туфайли сўнгги уч йилда 560 200 нафарга яқин ёш фуқаро иш билан таъминланди”, -дейилади табрикда.
Ўзбекистонда 2017 йилда 30 июнь Ёшлар куни сифатида белгиланган эди.