Сўнгги 12 соатда коронавирусга чалинганлар сони 76 кишига кўпайди

Ҳозирда касалхоналарда 2778 нафар бемор даволанмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 30 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 8298 нафарга етганини билдирди. Бу 29 июнь соат 23:00даги кўрсаткичдан 76 кишига кўпдир.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 44 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида, 23 нафари Тошкент вилоятида (шундан 19 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 3 нафари аҳоли орасида, 1 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси), 9 нафари Тошкент шаҳрида (шундан 4 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 5 нафари аҳоли орасида) аниқланган”, - дейилади билдирувда.

Айни пайтда 5496 нафар бемор соғайди ва соғайиш кўрсаткичи 66 фоизни ташкил қилмоқда. Шу кунгача беморлардан 24 нафари вафот этди.

Ҳозирда касалхоналарда 2778 нафар бемор даволанмоқда.