Ҳисобот: Хитой уйғурларни "геноцид қилмоқда"

Шинжон-Уйғур мухториятида Хитой мусулмонларни босимга олаётгани халқаро ҳамжамиятни ташвишга солиб келмоқда.

Хитой Шинжон-Уйғур мухториятида мусулмон аёлларни стерилизация қилиш орқали бу минтақада уйғур ва бошқа мусулмон халқар сонини озайтиришга ҳаракат қилмоқда. Эксперт Адриан Зенц томонидан 29 июнь куни эълон қилинган янги ҳисоботда мана шу ҳақда маълум қилинди.

Ҳисоботда таъкидланишича, Хитойнинг бундай ҳаракатини “демографик геноцид” деб ҳисоблаш мумкин. Ҳисоботда бу масалада Хитойда халқаро тергов ўтказиш талаб қилинган. Бироқ Хитой ҳукумати ҳисоботда келтирилган фактларни “асоссиз”, деб атади.

Хитой 2017 йилдан бери Шинжон-Уйғур мухториятида 1 миллиондан ортиқ уйғурни “қайта тарбиялаш лагерлари”да сақлаётгани ортидан халқаро жамоатчилик томонидан танқид қилиб келинмоқда.

Хитой бу лагерлар террорчилик ва экстремистликка қарши кураш доирасида ташкил этилганини айтиб келади.