МХДҚ: Коронавирус юқтириб олган Атамбаев ҳибсхонадан касалхонага йўлланди

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев.

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев президент ва ҳукумат ишлари бошқармаси клиник касалхонасида даволанмоқда. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) матбуот хизмати маълум қилди.

Қўмита Атамбаев оила аъзоларининг “у МХДҚ тергов ҳибсхонаси ходимлари хизмат вазифаларини совуққонлик билан бажаргани оқибатида вирус инфекциясини юқтириб олган”ига оид мулоҳазаларини рад этди.

“Мазкур баёнот билан Атамбаевнинг оиласи унинг жиноятларини яшириш мақсадида уни сиёсий тутқун кўрсатиб, жамоатчилик эътиборини атайлаб чалғитишга ва жиноят ишларини сиёсий юзага кўчирмоқчи бўляпти”, дейилган қўмита хабарномасида.

МХДҚ Атамбаевнинг COVID-19 аломатлари аниқланган адвокат билан алоқада бўлганини қўшимча қилган.

Қайд этилишича, касалхонада адвокатлар ва врачлар Атамбаев билан бемалол учрашиши мумкин, МХДҚ тергов ҳибсхонаси эса одатдагидек фаолият юритмоқда, ходимлар орасида коронавирусга чалиниш аломатлари кўрилгани йўқ.

Аввалроқ қўмита собиқ президент Алмазбек Атамбаев МХДҚ тергов ҳибсхонасидан касалхонага ўтказилгани, унга “икки томонлама пневмония” ташхиси қўйилгани ҳақида маълум қилганди. Атамбаевнинг оиласи унга атайлаб касаллик юқтириб, яқинларини огоҳлантирмасдан ҳибсхонадан яширин равишда олиб чиқиб кетганлари ва улар ҳозир собиқ президентнинг қаерда эканини билмаслиги ҳақида баёнот тарқатганди.

23 июнь куни Бишкекнинг Биринчи май туман судида жиноят олами авторитетларидан бири Азиз Батукаевнинг қамоқдан ноқонуний озод қилинганига оид маҳкама якунланган, суд доирасида собиқ президент Алмазбек Атамбаев мол-мулкини мусодара қилиш йўли билан 11 йилу 2 ойга озодликдан маҳрум қилинганди.

Ҳозирда Биринчи май туман судида Алмазбек Атамбаев фигурант ўлароқ кўрилаётган Қўйтош воқеалари бўйича яна бир неча жиноят иши кўриб чиқилмоқда. Бу ишлар доирасида унга “қотиллик”, “одамларни гаровга олиш” ва бошқа моддалар бўйича айбловлар билдирилган.