Душанбе Ўзбекистон ва Қозоғистондан 300 чоғли фуқаросини юртига қайтарди

“Сомон Эйр” авиаширкати учоғи.

Тожикистон расмийлари ўзбекистонлик ҳамкасблари билан ҳамкорликда Ўзбекистонда вақтинча яшаб турган 97 нафар тожикистонликни ватанига қайтариб олиб келди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур ватандошлар икки мамлакат чегарасидаги “Дусти” назорат-ўтказиш маскани орқали юртига қайтган.

Шунингдек, Қозоғистон расмийлари билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар натижасида 29 июнь куни “Сомон Эйр” авиаширкатининг махсус рейси билан Олмаота шаҳридан 200 нафар тожикистонлик Душанбега олиб келинган.

Расмий маълумотларга кўра, шу кунда Тожикистонда коронавирусга чалинганлар сони 5900 нафарга етган, 4506 бемор соғайиб кетган, 52 нафари эса оламдан ўтган.