Эронда режим танқидчиси бўлган журналист ўлимга ҳукм этилди

Руҳуллоҳ Зам.

Эронда мамлакат расмийларини танқид қилган мақолалари билан танилган журналист Руҳуллоҳ Зам олий жазога ҳукм қилинди. Бу ҳақда 30 июнь куни Эрон суд ҳокимияти вакили Ғуломҳусайн Исмоилий билдирди.

Зам томонидан асос солинган AmadNews сайти ва унинг Телеграм-канали 2017 йилдаги норозилик тўлқини чоғида одамларга норозилик тадбирлари қачон ва қаерда бўлиши ҳақида хабар бериб борган ҳамда эронлик амалдорлар ҳақида таҳқиромиз маълумотларни ёйинлаган.

2017 йилги намойишлар 2009 йилги акциялардан кейинги энг йирик норозилик тадбирлари бўлган эди. Акциялар чоғида минглаб одам полиция томонидан қўлга олинган, 25 киши нобуд бўлган.

Парижда яшаб, ишлаб юрган Зам Эронга келган пайтда – 2019 йил октябрида қўлга олинган. Унинг Эронга қандай келиб қолганию қай йўсинда ҳибсга олингани ҳақида ҳалигача ноаниқликлар кўп. Франция расмийлари мазкур қадамни қатъиян қоралаганлар. Ўтган ойларда Эрон телеканаллари Замнинг ҳуқуқбузарлик содир этганига оид эътирофлари ва аввалги фаолияти учун узр сўрагани акс этмиш кадрларни ёйинлаб борган.

Исмоилий Эрон Инқилобий суди Замни “ёвузлик ва зўравонликни ёйганлик” айблови билан судлаганини маълум қилди. Эронда бу каби айблов кўпинча жосуслик ёки ҳокимиятни ағдаришга уринишда айбланганларга нисбатан билдирилади. Ҳукм қачон ўқилгани маълум эмас.

Айни пайтда суд ҳокимияти вакилига кўра Зам шикоят аризаси билан мамлакат Олий судига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.