Ёшлар билан ишлайдиган алоҳида агентлик тузилди

Ўзбекистондаги ёшлар (иллюстратив сурат).

Ўзбекистонда Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилди. Агентлик мамлакат президентининг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида тузилган.

Адлия вазирлигига қарашли “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумотига кўра, агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари ҳам ташкил этилган.

Президент фармони билан агентликнинг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари белгилаб берилган.

Ҳужжатга мувофиқ, агентлик, жумладан, ёшлар билан боғлиқ соҳа ва йўналишларда ягона давлат сиёсати, стратегик йўналишлар ва давлат дастурларини ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади.

Шунингдек, мазкур идоранинг ёшлар сиёсати соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириши кўзда тутилган.

Фармон билан Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури тасдиқланган.

Дастурда, жумладан, Ўзбекистон ёшлари порталини ташкил этиш ва унда ёшлар сиёсатини баҳолаш миллий индекслари ҳамда ёшларга оид қонун ҳужжатлари базасини шакллантириш белгиланган.