Мирзиёев Ички ишлар бўлимларидаги қийноқларни кескин танқид қилди

32 ёшли Абдукаримов Андижон ички ишлар ходимлари қийноғи ортидан жон таслим қилган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев 30 июнда ўтган одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида Андижон ва Чироқчида фуқаролар ички ишлар идораларидаги қийноқлар ортидан вафот этганини кескин танқид қилди.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, йиғилишда “Андижон шаҳар ва Чироқчи туман ички ишлар идораларида яқинда содир бўлган фожиали ҳолатлар тизим раҳбарларини уйғотиши, аниқ хулосалар қилишга чорлаши кераклиги қайд этилди”.

Президент бу икки идорада жиноятларга алоқадор 11 нафар ички ишлар ходими “қонун олдида жавоб бераётгани, 7 нафар раҳбар лавозимидан озод этилгани ва яна 16 таси интизомий жавобгарликка тортилгани” ҳақида маълум қилди.

Шавкат Мирзиёев одил судлов тизимига тўхталар экан: “Халқ суд-ҳуқуқ тизимидан рози дейишга ҳали асос йўқ”, - деб айтган.

Президентга кўра, жорий йилнинг шу кунигача аҳолидан келиб тушган мурожаатларнинг 8 мингдан зиёди ёки 44 фоизида судларда ишлар тўлиқ ва холис кўрилмаётгани, узоқ муддат чўзилаётгани билдирилган.

Шу йил январь ойида Чироқчи туманида мол ўғирлашда гумон қилинган 32 ёшли фуқаро Чироқчи туман ИИБ биносида калтакланишлардан вафот этган эди.

30 майда эса Андижон шаҳар ИИБсининг 4-бўлимида қийноққа солинган 32 ёшли Алижон Абдукаримов комага тушиб қолгани ва 11 июнь куни вафот этгани хабар қилинганди.