Қирғизистонда бир кунда яна беш киши коронавирусдан ўлди

Бир кунда 439 кишига коронавирус юқди.

Қирғизистонда коронавирусга чалиниб, касалхонада даволанаётган беморлардан яна беш нафари вафот этди.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Мадамин Қаратаевнинг 1 июлда билдиришича, Бишкекдаги Республика клиник касалхонасида 57 ва 67 ёшдаги икки эркак, Норин вилоят касалхонасида 60 ёшли эркак, Москва туман касалхонасида 70 ёшли эркак ва Бишкекдаги Қирғиз-Турк касалхонасида 72 ёшли аёл вафот этди.

1 июль ҳолатига кўра, бир кунда 439 кишига коронавирус юқди. Бу Қирғизистонда коронавирус бўйича илк ҳолат аниқланган 18 мартдан бери энг юқори даражадаги бир кунлик кўрсаткичдир.

Қирғизистонда шу кунгача жами 5735 одамда коронавирус аниқланган. Улардан 62 нафари вафот этди, 2447 бемор соғайди.