Рамзан Қодиров Путинни “умрбод президент” қилиш таклифи билан чиқди

Рамзан Қодиров.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Владимир Путинни Россиянинг “умрбод президенти” қилиш таклифини ўртага ташлади. Республика раҳбарияти билан ўтказилган ва видеоси ижтимоий тармоқларда тарқатилган кенгашда Қодиров Россиянинг амалдаги президенти ҳақида “Унинг ўрнини ким ҳам боса оларди? Бунақа сиёсий лидер дунё миқёсида йўқ”, деган.

Қодировга кўра, Чеченистон Путин даврида гуллаб-яшнаган. Видео сўнгида Чеченистон раҳбари республика аҳолисини “сайловга бориб, овоз бериш”га чақирган – афтидан, бу ерда Россия Констутуциясига ўзгартишлар киритиш бўйича овоз бериш назарда тутилмоқда.

Мазкур ўзгартишлар бўйича овоз бериш 1 июль куни поёнига етади. Овоз беришга қўйилган ўзгартишлардан бири Путиннинг аввалги президентлик муддатларини нолга туширишни кўзда тутади - ўзгартишлар қабул қилинган тақдирда амалдаги президент қайта сайланишлар билан бирга 2036 йилгача ҳокимият тепасида қолиши мумкин бўлади.

Аввалги сайловларда Чеченистонда сайловчилар давомати 90 фоиздан ошган. Участкаларда мустақил кузатувчилар деярли бўлмаган, мухолифат вакиллари бу республикада ўтказилган сайлов натижаларига ишонмайдилар.

Қодиров 2018 йилдаги президент сайлови олдидан ҳам Путин Россияни “умрбод бошқариши” тарафдори эканини айтган.

Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Россия Конституциясида умрбод президент лавозими кўзда тутилмаганини билдирган.