Помпео Эронга қурол-аслаҳа етказиб бериш бўйича эмбарго муддатини узайтиришга чақирди

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео.

АҚШ Давлат котиби БМТ Хавфсизлик кенгашини Эронга қурол-аслаҳа етказиб бериш бўйича эмбарго муддатини узайтиришга чақирди. Майк Помпео ўз чақириғини Эрондаги режим “масъулиятни ҳис қиладиган демократия” эмаслиги билан изоҳлади.

Эмбарго муддати 2020 йил октябрида тугайди. Аввалроқ АҚШ Эронга қурол-аслаҳа етказиб бериш бўйича эмбарго муддатини узайтириш бўйича резолюция лойиҳасини тайёрлаган эди. Бироқ вето қўйиш ҳуқуқига эга бўлган Хитой ва Россия БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари сифатида АҚШ лойиҳасининг қабул қилинишига қарши чиқишларини билдирган, дея хабар қилади “Америка овози”.

АҚШ Давлат котиби бунга жавобан “Пекин ва Москва эмбарго муддати узайтирилишини астойдил илтимос қилаётган минтақадаги бошқа мамлакатларга қулоқ тутса, яхши бўларди”, деган.

АҚШ президенти маъмурияти аввалги баёнотларида Эронга нисбатан қурол-аслаҳа эмбаргосини бекор қилишга йўл қўйиб бўлмаслигини бир неча бор билдирган.