Ўзбекистонда 1 июль куни 278 одамга коронавирус юқди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 1 июль куни Ўзбекистонда 278 кишига коронавирус юққани аниқланди. Шундан 218 нафари Карантин муассасаларида, 50 нафари аҳоли орасида (шундан 35 нафари Тошкент шаҳрида, 5 нафари Бухоро вилоятида, яна 5 нафари Сирдарё вилоятида, 4 нафари Хоразм вилоятида, 1 нафари Қорақалпоғистон Республикасида), 10 нафари эса халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида аниқланган.

Шу билан бир қаторда Тошкент шаҳрида 126, Қашқадарё вилоятида 18, Бухоро вилоятида 14, Самарқанд вилоятида 7, жами 165 нафар бемор соғайди.

“Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 8781 нафар бемордан 5847 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 66 фоизни ташкил этмоқда”, -дейилади вазирлик баёнотида.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2907 нафар бемордан 18 нафари оғир, 7 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Шу кунда уй карантинида 40 311 нафар, стационар карантинда эса 24 576 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди.