Биринчи синфга қабул 6 июлдан бошланади

Республика бўйича жами 650 116 нафар бола 1-синфга қабул қилиниши режалаштирилган.

Жорий йил 6 июлидан 2020-2021 ўқув йили учун умумтаълим мактабларига 1-синф ўқувчиларини қабул қилиш жараёни бошланади. Халқ таълими вазирлигининг билдиришича, коронавирус пандемияси муносабати билан жорий йилга қабул аввалги йилдагилардан фарқ қилади.

Вазирликнинг таъкидлашича, биринчи синф ўқувчиларини мактабга қабул қилиш 6-31 июль кунлари бириктирилган микроҳудуд доирасида, 1-25 август кунлари мактабларнинг имкониятидан келиб чиқиб микроҳудуддан ташқарида амалга оширилади.

Пандемия шароитида ота-оналарнинг мактабларда тўпланиб қолишини олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳрида тажриба-синов тариқасида илк маротаба 1-синфга борадиган ўқувчиларнинг ҳужжат топшириш жараёни qabul.maktab.uz орқали онлайн навбат асосида амалга оширилади. Дастур Тошкент шаҳрида муваффақиятли татбиқ этилса, кейинги ўқув йилидан бошлаб бошқа ҳудудларда ҳам босқичма-босқич жорий қилинади.

1-синфга қабул учун ота-оналар мактаб директори номига ариза, боланинг туғилганлик ҳақида гувоҳнома нусхаси, ота-онанинг паспорт нусхалари, боланинг соғлиғи тўғрисида тиббий маълумотнома, боланинг 3,5 х 4,5 см ҳажмдаги 4 дона рангли фотосуратини тақдим этишлари зарур.

Вазирликнинг билдиришича, 2020-2021 ўқув йилида Республика бўйича жами 650 116 нафар бола 1-синфга қабул қилиниши режалаштирилган.