Сентябрь ойидан онлайн-аукционлар тартибига ўзгартишлар киритилади

Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 сентябридан онлайн-аукционлар тартибига ўзгартишлар киритилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев томонидан 1 июль куни имзоланган “Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда қайд этилади.

Ҳужжатга мувофиқ, 1 сентябрдан барча аукцион савдолари натижалари QR-код (матрик штрихли код)ни қўллаш орқали расмийлаштирилади.

Шунингдек, “E-IJRO AUKSION” тизимида қуйидагиларни назарда тутувчи тартиб жорий қилинади:

  • “мобиль идентификация қилиш” билан шахсни идентификациялаш имконини берувчи мобиль иловалар орқали аукционда иштирок этиш;
  • давлат мулки объектларини ижарага бериш шартномасини ижарага берувчи ва ижарачи ўртасида электрон шаклда (шу жумладан, электрон рақамли имзо орқали) икки томонлама тузиш орқали расмийлаштириш;
  • савдоларда мавжуд бўлган лотлар ҳақида батафсил маълумотларни ўз ичига олувчи доимий янгиланиб турадиган ва Агентликнинг расмий веб-сайтида жойлаштириладиган электрон каталогни яратиш.

Қарорда Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузурида Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази тузилиши ҳам айтилган.

Марказнинг асосий вазифаси ўлароқ қуйидагилар белгиланган:

  • мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча тоифадаги бўш турган нотурар бино ва иншоотларни, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини (кейинги ўринларда – бўш турган объектлар) аниқлаш ва ҳисобини юритиш;
  • бўш турган давлат мулки объектларини сақлаш ва улардан самарали фойдаланиш, шу жумладан, давлат мулки объектларини ижарага беришни ташкил этиш;
  • ижарага берилган давлат мулки объектларини ва уларни ижарага беришдан тушадиган маблағларни ҳисобга олиш ва уларнинг мониторингини олиб бориш;
  • ижарага берилган давлат мулки объектларидан мақсадли фойдаланилишини ва уларнинг сақланишини, шунингдек, ижара тўлови ўз вақтида ва тўлиқ тўланишини назорат қилиш;
  • давлат муассасалари (корхоналари)га бириктирилган давлат мулки объектларидан самарали фойдаланилиши ва уларнинг сақланишини белгиланган тартибда текшириш;
  • давлат муассасалари (корхоналари)га оператив бошқарув ҳуқуқи билан берилган давлат мулки объектларининг ортиқча қисмини, шунингдек, фойдаланилмаётган ёки мақсадсиз фойдаланилаётган давлат мулки объектларини олиб қўйиш;
  • Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси хулосасига асосан яроқсиз деб топилган давлат мулки объектларини бузиш тўғрисида қарор қабул қилиш;
  • бўш турган хусусий мулк объектларини уларнинг мулкдорлари ихтиёрига кўра ижарага берилишида ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатиш.