Мирзиёев Путинни Россияда овоз бериш жараёни муваффақиятли ўтказилгани билан қутлади

Шавкат Мирзиёев (ч) Владимир Путин (ў) билан сўнгги бор юзма-юз июнь ойида ўтказилган парадда иштирок этиш учун Москвага борган пайтда учрашганди (2020 йил 23 июнида олинган сурат).

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путинни Россия Федерацияси Конституциясига ўзгартишлар киритиш бўйича умуммиллий овоз бериш жараёни муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклади.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Мирзиёев бу қутловини Путинга 2 июль куни икки президент орасида ўтказилган телефон мулоқоти чоғида етказган.

Суҳбат чоғида президентлар "Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш борасида қатъий эканликларини яна бир бор тасдиқлаганлар".

Мулоқот асносида бўлажак олий даражали ташрифлар кун тартибидаги масалаларга, шунингдек, коронавирус инфекцияси глобал миқёсда тарқалишининг Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларга салбий таъсирини камайтириш бўйича ўзаро мувофиқлашган чора-тадбирларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Суҳбат чоғида халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилган, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш масалалари кўриб чиқилган.