Помпео: АҚШ бундан буён ҳам Марказий Осиё мамлакатлари мустақиллигини дастаклашда давом этади

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео “C5+1” форматида 30 июнь куни марказий осиёлик ҳамкасблари билан ўтказилган онлайн учрашувни юқори баҳолади.

Помпео Твиттердаги ўз саҳифасида АҚШ бундан буён ҳам Марказий Осиё давлатлари мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини дастаклашда давом этиши ҳақида ёзди.

АҚШ ва Марказий Осиёнинг беш давлати (C5 + 1) ташқи ишлар вазирларининг галдаги учрашуви сешанба куни онлайн шаклда ўтказилган. Учрашувда АҚШ Давлат котиби Майк Помпео, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков, Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди, Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин ва Туркманистон Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов иштирок этганлар.

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашувда томонлар минтақавий иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, замонавий таҳдид ва хатарларга, жумладан, коронавирус тарқалишига қарши курашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилганлар.

Ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг нутқларида “C5+1” шакли Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни илгари суриш платформаси сифатида ўзининг аҳамияти ва долзарблигини намойиш этишда давом этаётганлиги тасдиқланган.

Айни пайтда АҚШ томони Марказий Осиё минтақасини иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш ва савдо-сотиқни кенгайтириш учун ўз потенциалини ишга солишга ҳозирлигини билдирган.

“C5+1” гуруҳи учрашувлари 2015 йилдан бери ўтказиб келинади. Гуруҳнинг илк учрашуви Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида ўтказилган эди.