Росавиация халқаро авиақатновларга тақиқ муддатини 1 августгача узайтирди

Росавиация мунтазам халқаро авиапарвозларга қўйилган чеклов муддатини август ойи бошигача узайтирди. Аввалроқ муассаса халқаро қатновларни 15 июлдан бошлашни таклиф қилганди. Август ойигача Россияга хорижликлардан кўпчилигининг киришига тақиқ қўйилган.

РБК хабарига кўра, тақиқ муддати узайтирилгани ҳақида Росавиация ўзининг аэропортларга йўллаган телеграммасида маълум қилган. Бу маълумотни агентликнинг ҳукуматдаги манбаси ҳам, Домодедово аэропорти вакили ҳам тасдиқлаган.

Июнь ойи бошида “Интерфакс” агентлиги манбаси Россия аввало МДҲ ва Евросиё иқтисодий ҳамжамиятига аъзо мамлакатлар – Беларус, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистон билан чегараларни очишини маълум қилган.

Аммо ўша пайтда РБК манбаси Росавиация даставвал Европа мамлакатлари, Туркия, Хитой ва Жанубий Корея билан чегараларни очишни таклиф қилишини билдирган.