Коронавирус юқтириб олганлар сони 9 мингдан ошди, кун бўйи 300 чоғли одам хасталикка чалинди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2020 йил 2 июль соат 23:30 ҳолатига кўра, 9078 (+82) нафарни ташкил этган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилди.

Қайд этилишича, янги касалланиш ҳолатларининг (соат 17:00 дан кейин) 33 таси Жиззах вилоятида, 26 таси Тошкент шаҳрида, 17 таси Тошкент вилоятида ва 6 таси Навоий вилоятида аниқланган.

Кун бўйи хасталикка чалинганлар сони 297 нафарга етган, бу эса Ўзбекистонда бир кунда инфекция юқтириб олиш бўйича рекорд кўрсаткичдир.

Ҳозирда Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалинган беморлардан 6034 нафари (66 фоиз) соғайган, 27 бемор эса ҳаётдан кўз юмган.

Расмий маълумотларга кўра, айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3017 нафар бемордан 16 нафари оғир, 8 нафари эса ўта оғир аҳволда.