Европа Иттифоқи Ўзбекистон ДХХ Чегара қўшинларига коронавирусга қарши индивидуал ҳимоя воситаларини тақдим этди. ЕИнинг Тошкентдаги ваколатхонаси матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур ёрдам “Марказий Осиёда чегараларни бошқариш (БОМКА)” дастури доирасида топиширилган.
Ёрдам юки 830 та ҳимоя костюми, 1000 та пуркаладиган антисептик суюқлик ва 15 000 та тиббий ниқобдан иборат.
Қайд этилишича, ҳимоя воситалари давлат чегарасида назоратчилик қилаётган чегарачилар соғлиғи учун хавф-хатар даражасини камайтиришга хизмат қилади.
ЕИ томонидан молиялаштирилувчи “БОМКА”дастури Марказий Осиё мамлакатларида 2003 йилдан бери турли тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Дастур ўтган 17 йил ичида минтақа ҳукуматлари билан чегараларни бошқаришга кўмаклашиш жабҳасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаган.