Қозоғистон пойтахтида Нурсултон Назарбоевга ҳайкал қўйилди

Қозоғистон пойтахти Нур-Султондаги Миллий мудофаа университетида мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевга ҳайкал қўйилди. Бу ҳақда Қозоғистон президентининг расмий сайти маълумот тарқатди.

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев ҳайкалнинг очилиш маросимида онлайн режимда қатнашган. Унга кўра, Миллий мудофаа университетида Назарбоевнинг ҳайкали ўрнатилиши “ўта рамзий ҳодиса” бўлиб ҳисобланади, чунки Қозоғистон Қуролли кучлари айнан мамлакат мудофаа салоҳияти мустаҳкамланишига алоҳида эътибор қаратган Назарбоевнинг фармони билан ташкил этилган.

Тоқаев Назарбоевни замонавий Қозоғистоннинг асосчиси, деб атади. Унга кўра, Назарбоев мамлакат “тараққиётининг стратегик йўлини белгилаб берган” ва “халқни жипслаштирган”.

Назарбоев шарафига Қозоғистон пойтахти Остонанинг номи Нур-Султон, деб ўзгартирилган. Биринчи президент номи пойтахтдаги аэропортга ҳам берилган. Мамлакатдаги вилоят марказлари ҳисобланмиш Олмаота, Павлодар, Қарағанда, Ақтау, Чимкент, Петропавловск, Атирау, Ўрал ва Ўскемен шаҳарларида Назарбоев номидаги кўчалар бор.

Назарбоевга Қозоғистонда аввал ҳам бир нечта ҳайкал қўйилган, шунингдек, миллий валютанинг йирик купюраси бўлмиш 10000 тангада ҳам биринчи президент портрети акс этган.

Қозоғистонни қарийб 30 йил бошқарган Нурсултон Назарбоев кейинги ҳафта 80 ёшини қарши олади. Икки ҳафта муқаддам унинг коронавирус инфекциясини юқтириб олгани хабар қилинганди, аммо бугунги кунда у хасталикдан фориғ бўлгани айтилмоқда.

Назарбоев шу кунда мамлакат Хавфсизлик кенгашининг раҳбари ва ҳукмрон “Нур Отан” партияси раиси бўлиб ҳисобланади. Парламент томонидан унга берилган “элбоши” мақоми унинг ҳар томонлама дахлсизлигини таъминлайди.

Назарбоевнинг танқидчилари унинг ўз вориси – президент Қасим-Жомарт Тоқаев хатти-ҳаракатларини назорат қилиш орқали мамлакатни бошқаришда давом этаётганини иддао қиладилар.