Ҳабиб Нурмагомедовнинг отаси коронавирусдан вафот этди

Абдулманап Нурмагомедов.

UFC бўйича жаҳон чемпиони бўлган россиялик спортчи Ҳабиб Нурмагомедов отаси Абдулманап Нурмагомедов 57 ёшида Москвада вафот этди.

“Дўстлар, менга Абдулманап Нурмагомедов оламдан ўтгани ҳақида қайғули хабарлар етиб келди. Бутун чечен халқи номидан Абдулманап Магомедовичнинг оиласига самимий таъзия тилакларимни билдираман!..” деб ёзди Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Телеграм тармоғидаги ўз каналида.

Нурмагомедовнинг Инстаграмда 9 ҳафта аввал қолдирган сўнгги пости остида таъзия сўзлари изҳор этилган юзлаб ёзувлар пайдо бўлди.

Абдулманап Нурмагомедов Доғистоннинг Сильди қишлоғида 1962 йилда туғилган. У эркин кураш бўйича СССР спорт устаси бўлган. Россияда хизмат кўрсатган мураббий А. Нурмагомедов чемпион ўғли Ҳабибга ҳам ўзи устозлик қилган. Мураббийлик фаолияти давомида у 18 нафар жаҳон чемпиони етиштирган.

Абдулманап Нурмагомедов апрель ойи охирида пневмония ташхиси билан Махачқалъа касалхоналаридан бирига ётқизилганди. Май ойи бошида унинг аҳволи оғирлашганидан сўнг махсус учоқ билан Москвага олиб кетилган ва ўша ерда у комага тушганди.

Май ойи ўрталарида Ҳабиб Нурмагомедов отасининг коронавирус инфекциясини юқтириб олгани тасдиқлангани ҳақида маълум қилган. Июнь ойи ўрталарида матбуотда А. Нурмагомедовнинг аҳволи яхшилангани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.