Коронавирус юққан яна бир эркак оламдан ўтди, қурбонлар сони 30 нафарга етди

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Тошкентда коронавирусга чалинган 65 ёшли эркак 3 июль куни вафот этган.

Шундай қилиб, расмий маълумотларда келтирилаётган Ўзбекистондаги касаллик қурбонлари сони 30 нафарга етди.

Вазирлик билдирувида айтилишича, 1 июль куни 65 ёшли эркак ўта оғир аҳволда Ибн Сино номидаги 1-сон шаҳар клиник шифохонасининг жонлантириш бўлимига ётқизилиб, сунъий нафас олиш аппаратига уланган.

Унга гипертония касаллиги, атеросклероз, бош мияда қон айланишининг ўткир бузилиши (инсулт)нинг иккинчи бор қайталаниши (биринчи ҳолат 2020 йил июнь ойида юз берган), геморрагик инсулт ташхиси қўйилган.

3 июль куни шифокорлар томонидан стандарт асосида кўрсатилган тезкор реанимацион муолажаларга қарамасдан бемор ўпка артерияси тромбоэмболияси, ўткир нафас ва юрак етишмовчилигидан вафот этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Ўзбекистонда 4 июлга келиб коронавирус аниқланганлар 9 ярим мингда ошган.