Қозоғистонда COVID-19дан ўлганлар сони 232 нафарга етди

Олмаотадаги блок постлардан бири.

Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой 5 июль куни матбуот анжуманида мамлакатда коронавирусдан вафот этганлар сони 232 кишига етганини билдирди. Унга кўра, шанба куни 18 одам ўлган.

Вазир бундан буён вафот этганлар сони бўйича маълумот ҳафтасига бир марта-душанба кунлари эълон қилинишини маълум қилди.

Қозоғистонда сўнгги кунларда пневмония билан касалланганлар сони ҳам кескин кўпайди. Уларда коронавирус топилмаган. Бироқ врачлар пневмония коронавирус туфайли келиб чиққан, деб тахмин қилмоқдалар.

Расман билдирилишича, йил бошидан бери Қозоғистонда пневмониядан 1 772 киши вафот этди. Улардан 628 нафари июнь ойида ўлган.

Қозоғистонда коронавирус юққанлар сони 48 574 нафарни ташкил қилмоқда.