Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 7 июлда билдиришича, Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшовчи 79 ёшли Х.Б., (эркак киши) “тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди”.
Вазирликнинг билдиришича, 19 июнь кунидан тана ҳарорати кўтарилиб, йўтал безовта қилган. Шунга қарамай, мутахассисларга мурожаат қилмасдан бир ҳафта давомида уйида даволанган.
2 июль куни эса биринчи маротаба оилавий поликлиникага мурожаат қилган. Фуқародан “COVID-19” инфекциясига намуна олинган ва хонадонида дезинфекция ишлари амалга оширилган. Унга “COVID-19”, юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония, паркинсонизм касаллиги ташхиси қўйилган.
Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалингани ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони, Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий маълумотлари бўйича ҳисобланганда, 39 нафарга етди.
Аввалроқ Навоий вилоят ҳокими Қобул Турсунов вилоятда 38 ёшли банк ходими коронавирусдан ўлгани ҳақида билдирган. Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу маълумотни ҳозирча тасдиқламади. Агар бу маълумот тасдиқланса,Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 40 нафар бўлади.