Россияда “давлатга ҳиёнат”да айбланган собиқ журналист эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди

Иван Сафронов 20 йилга қамалиши мумкин.

Москва шаҳар Лефортово туман суди “давлатга ҳиёнат”да айбланган “Коммерсант” ва “Ведомости” газетаси собиқ мухбири Иван Сафроновни эҳтиёт чораси сифатида икки ойга ҳибс қилди.

Тергов версиясига кўра, Сафронов Чехия махсус хизматларига Россиянинг Яқин шарқдаги Африка давлатлари билан ҳамкорлиги ҳақидаги махфий маълумотларни етказиб турган.

Тергов Сафронов 2012 йилда Чехия махсус хизматларига ёлланганини ва маълумотларни 2017 йилда берганини иддао қилмоқда. Бу айблов асосида Иван Сафронов 20 йилга қамалиши мумкин.

Иван Сафронов Москвада давлатга хиёнат қилганликда гумонланиб 7 июлда қўлга олинди. Май ойидан бери у Роскосмос раҳбари Дмитрий Рогозиннинг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келаётган эди.

Хабар қилинишича, унинг қўлга олиниши Роскосмосдаги фаолиятига тааллуқли эмас. Иван Сафронов “Коммерсант”нинг 2007 йилда ҳалок бўлган ҳарбий мухбири Иван Сафроновнинг ўғлидир.

Кичик Иван Сафронов 2019 йилнинг майида “Коммерсант” газетасида Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко истеъфо бериши мумкинлиги тўғрисидаги мақоласи чоп этилгани ортидан ишдан бўшатилганди. Ўшанда газета сиёсат бўлимининг барча ходимлари Сафронов ортидан истеъфо берган эдилар.

2019 йилнинг июнида ТАСС Сафронов мақоласи ортидан “Коммерсант”га нисбатан маъмурий иш очилганинини, газета давлат сирига оид маъмулотни ошкор қилишда гумонланаётганини хабар қилганди. Шундан сўнг “Коммерсант” сайтидан Мисрга Су-35 қирувчи самолётларини етказиб бериш бўйича келишувга эришилгани тўғрисидаги мақола олиб ташланган эди.

"Коммерсант" бош директори Владимир Желонкин сўнгги пайтларда бу мақола юзасидан газетага нисбатан ҳеч қандай эътирозлар бўлмаётганини билдирди.

Сўнгги йилда Сафронов “Лошарик” атом сув ости кемасининг ҳалокати, Ростех раҳбари Сергей Чемезовга махфий равишда Россия Қаҳрамони унвони берилгани ва “Гром-2019” стратегик машғулотлари муваффақиятсизликка учрагани ҳақида хабар берганди.