АҚШ БМТни ЖССТдан чиқиши ҳақида расман огоҳлантирди

АҚШ президенти Дональд Трамп Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини "Хитойнинг қўғирчоғи" сифатида танқид қилиб келади.

Қўшма Штатлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти аъзолигидан чиқиши ҳақида расман огоҳлантирди.

АҚШ 6 июль куни БМТ Бош котиби Антонио Гутерришга топширган баёнотида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини 2021 йилда тарк этиши билдирилган.

АҚШ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бюджетининг 15 фоизини молиялаштиради. У ташкилотнинг энг йирик донори ҳисобланади.

АҚШ президенти Дональд Трамп ташкилотни коронавирус пандемияси олдини ололмаганликда ва бу ҳақда мамлакатлар ҳукуматларини ўз вақтида огоҳлантирмаганликда айблаб келади.

Дональд Трамп 19 май куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 30 кун ичида ўз фаолиятини яхшилаш мжбуриятини олмаса, АҚШ бу ташкилотни молиялаштиришни бутунлай тўхтатиши ҳақида билдирганди.

Вашингтон Хитой коронавируснинг тарқалиши юзасидан ҳақиқий маълумотларни халқаро жамоатчиликдан яширган, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эса Хитойнинг бу ёлғонларига ишонган, деб ҳисоблайди.

Вашингтонга кўра, бунинг ортидан пандемия ҳолати фақат мартга келиб эълон қилинди, бу даврга келиб эса минглаб одамлар коронавирусдан ўлган эди.