Бишкекда бир кунда зотилжамдан 30, коронавирусдан 5 одам вафот этди

Бишкекдаги касалхоналардан бирида коронавирусдан вафот этган беморнинг жасадини олиб чиқаётган тиббиёт ходимлари.

Сўнгги бир сутка ичида Қирғизистонда COVID-19дан 13 одам вафот этди. Улардан икки нафари тиббиёт ходимидир. Бу ҳақда 8 июль куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Расмий маълумотда айтилишича, вафот этганларнинг 5 нафари Бишкекда. Бундан ташқари Ўш ва Жалолободда бир нафардан, Норинда икки нафар, Чуй вилоятида 4 нафар бемор жон берган. Бу билан Қирғизистонда коронавирусдан ўлганлар сони 112 кишига етди.

Бир кеча-кундузда зотилжамга чалинган 44 бемор ҳам вафот этди, уларнинг 30 нафари Бишкекда. Март ойидан бери зотилжамдан ўлганлар сони 268 киши. Уларнинг барчаси COVID-19га анализ топширган, бироқ уларда вирус аниқланмаган эди.

Қирғизистонлик шифокорлар зотилжам коронавирус туфайли авж олганини билдирмоқдалар.

Қирғизистонда шу кунгача 8486 одамда коронавирус аниқланди. Беморларнинг 2983 нафари соғайди.

Бишкекда 1936 киши зотилжам ташҳиси билан касалхоналарда даволанмоқда. Улардан 604 нафарининг аҳволи оғир экани билдирилди.