Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида яшаган ва коронавирусга чалингани тасдиқланган 53 ёшли Н.С. оламдан ўтди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилди.
Қайд этилишича, 20 июнь куни Шофиркон туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимига ётқизилган аёл икки кун ўтиб аҳволи оғирлашганидан сўнг Бухоро вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг реанимация бўлимига кўчирилган. Унга COVID-19, икки томонлама пневмония, ўткир нафас ва ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги ташхиси қўйилган. Беморда гипертония касаллиги ҳам қайд этилган.
Реанимацион муолажаларга қарамай, аёл ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган. Шу тариқа Ўзбекистонда COVID-19 инфекциясини юқтириб олгани ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 50 нафарга етган.