Тожикистон: Бош врач вафоти ортидан Сўғд вилоят туғруқхонаси карантинга олинди

Шоира Бузурукова.

Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида жойлашган Сўғд вилояти туғруқхонаси бош врач вафотидан кейин карантинга ёпилди. Туғруқхона бош врачи Шоира Бузурукова 5 июль куни коронавирусга чалинмиш беморлар даволанаётган вилоят юқумли касалликлар шифохонасида оламдан ўтган.

Вилоят туғруқхонаси 8 июль куни беморларни қабул қилмаган, аммо касал кўриш тақиқланган эмас.

Туғруқхона ходимлари Озодликнинг тожик хизмати билан суҳбатда карантин камида икки ҳафта давом этиши, бу вақт ичида муассасада дезинфекциялаш ишлари ўтказилишини билдирганлар. Айни пайтда, санитария-эпидемиология назорати маркази кўрсатмасига мувофиқ, врачлар ва бошқа тиббиёт ходимларининг барчаси коронавирусга тест топширишлари лозим.

Вилоят туғруқхонаси карантинга олинганига қарамай, шу пайтгача мазкур муассаса бош врачининг ўлими сабаби очиқлангани йўқ.

Шоира Бузурукова таниқли тожик ёзувчиси Муҳиддин Хўжазоданинг келини бўлган. Апрель ойида Хўжазода ва унинг ўғли Хўжанддаги 2-шифохонага “ўпка пневмонияси” ташхиси билан ётқизилгани хабар қилинганди.

Вилоят туғруқхонаси ёпилиши ортидан Хўжанд шаҳар туғруқхонаси олдида одам кўпайган. Бироқ бу туғруқхонага бемор ва ҳомиладор аёллардан бошқа ҳеч ким қўйилмаяпти.