АҚШ мусулмонлар ҳуқуқини бузаётган Хитой ҳукумати амалдорларига санкция жорий қилди

Шинжон-Уйғур мухторияти. Қашқар шаҳри манзараси.

Қўшма Штатлар Хитой ҳукуматининг тўрт нафар юқори лавозимли мансабдорига Шинжон-Уйғур мухториятида уйғурлар ҳуқуқларини “қўпол тарзда бузаётгани” учун санкциялар жорий этди. Бу борадаги маълумот 9 июль куни АҚШ Молия вазирлиги томонидан эълон қилинди.

Санкцияга мувофиқ Хитой Коммунистик партиясининг Шинжон-Уйғур мухторияти қўмитаси раиси Чэн Цюаньго, сиёсий ва адлия масалалари қзмитасининг собиқ бошлиғи Зу Хайлун, хавфсизлик хизмати раҳбари Ван Мингшэн ва хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари Хуо Лучюнга АҚШга киришга виза берилмайди. Уларнинг АҚШдаги барча мол-мулки ва банк ҳисоблари ҳибс қилинади.

“Қўшма Штатлар бефарқ қараб турмайди, чунки Хитой Коммунистик партияси Шинжонда уйғурлар, этник қозоқлар ва бошқа этник озчиликлар ҳуқуқларини бузмоқда. Жумладан, улар мажбурий меҳнатга жалб қилинмоқда, ўзбошимча равишда оммавий равишда қамоқларга олинмоқда. Шунингдек, уларнинг маданияти ва ислом динини йўқ қилишга ҳаракат қилинмоқда”,- деди 9 июль куни АҚШ Давлат котиби Майк Помпео.

АҚШ президенти Дональд Трамп 17 июнда Шинжон-Уйғур мухториятида уйғурларни ва бошқа мусулмон миллатларни таъқиб этишда иштирок этган ва этаётган Хитой амалдорларига санкциялар жорий этиш имкониятини берувчи қонунни имзолаган эди.

Халқаро ҳамжамият 2017 йилдан бери Хитойни Шинжондаги мусулмон миллатларни “террорчилик ва экстремистликка қарши кураш” баҳонаси билан сиёсий лагерларда сақлаб келаётганини танқид қилади.