Ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилганликда айбланган ҳоким ўринбосари судда оқланди

Ўзбекистонда турли касб эгаларини тозалаш ишларига жалб қилиш анъанага айланган.

Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Бахтиёр Мамадалиев биринчи инстанция туман суди томонидан оқланди.

Суд у ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилмаган ва мажбурий обуна қилдирмаган, деган қарорни чиқарди.

ЎзАнинг 10 июлда хабар беришича, Зангиота тумани маъмурий суди Бахтиёр Мамадалиевни 15 миллион 610 минг сўм жарима солиш тўғрисидаги 03/52-сонли қарорини бекор қилиш ва унга нисбатан юритилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни МЖтКнинг 271-моддаси 1-бандига асосан тугатишни лозим, деб топди.

Жорий йилнинг 5 июнь куни Халқ таълими вазирлигининг расмий сайтида Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳокимининг ўринбосари Бахтиёр Мамадалиев ўқитувчиларни мажбурий обуна ва меҳнатга жалб қилгани учун 15 миллион 610 минг сўм жаримага тортилгани ҳақида хабар эълон қилинган эди.

Вазирлик ахборотида бу иш Халқ таълими вазири Назорат-ҳуқуқий хизмати ҳамда Тошкент вилояти Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси ҳамкорлигида амалга оширилгани қайд этилган.

Мазкур хабарлар тарқалгач, ҳоким ўринбосари Б.Мамадалиев ўзига нисбатан чиқарилган қарордан норози бўлиб, судга мурожаат қилган.

Тошкент вилояти меҳнат инспекцияси Зангиота туман суди қарори устидан юқори инстанцияга шикоят киритишини билдирди.