53-қурбон: Сурхондарёда 67 ёшли эркак вафот этди

Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида яшаган ва коронавирусга чалингани тахмин қилинган 67 ёшли Р.А. оламдан ўтди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилган.

Қайд этилишича, у 3 июль куни ўзини ёмон ҳис қилган, нафас йўлларида яллиғланиш бўлган. 4 июль куни бемор COVID-19 инфекциясига намуна топширган ва шифохонага ётқизилган.

“Унга COVID-19 инфекциясига гумон, миокард инфаркти, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги ташхиси қўйилган. Шунингдек, икки томонлама пневмония, ўткир юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, сурункали юрак етишмовчилиги, қандли диабет каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган”, дейилади вазирлик хабарномасида.

Вазирлик, врачлар томонидан ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамай, беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, миокард инфаркти, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этганини билдирган. Шу тариқа Ўзбекистонда COVID-19 билан боғлиқ ўлим ҳолатлари сони 53 тага етган.