Афғон аёллари қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича Ўзбекистонда таълим олади

Афғонистонлик толибалар (БМТТД фотоси).

Афғон аёллари Ўзбекистоннинг Термиз туманидаги афғонистонликларни ўқитиш марказида қишлоқ хўжалиги соҳасини ўзлаштирадилар. Бу ҳақда БМТ Тараққиёт Дастури матбуот маркази маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда таҳсил олган афғонистонлик аёлларга ўқишни тугатганларидан сўнг техник ва касбий таълим тўғрисидаги гувоҳномалар топширилади.

Лойиҳа Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ва БМТ Тараққиёт дастури қўшма лойиҳаси асосида амалга оширилмоқда.

Лойиҳанинг мақсади ўз юртларида таълим ва иш билан таъминлашда эркакларга қараганда номутаносиб тўсиқларга дуч келаётган афғон аёллари учун таълим олиш имкониятларини тақдим қилишдан иборат”, дейилади БМТТД хабарномасида.

Маълумотларга кўра, Афғонистондан келган 50 нафар аёл Қозоғистон ва Ўзбекистон университетларида таълим оладилар.

БМТ Тараққиёт дастури томонидан 2025 йилгача амалга оширилиши мўлжалланган мазкур ташаббус учун Европа Иттифоқи 2 миллион евро миқдорида грант ажратган.

Термиздаги марказда афғон аёллари Тошкент давлат аграр университети дастаги билан таълим олишлари айтилмоқда.

Афғонистонлик аёлларнинг илк гуруҳи 2019 йил октябрида статистика, қишлоқ хўжалиги ва тоғ-кон соҳаларида ўқиш учун Қозоғистонга боришган.

Лойиҳа ҳамкорлари бу йил яна 20 нафар талабага таълим гранти беришга қарор қилганлар. Улар Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини, Қозоғистонда эса кончиликни ўрганадилар. Ихтисослашган таълим олишдан олдин талабалар тил курсларини ўташлари керак бўлади.