Лондон 5G тармоғи учун Huawei’га муқобил изламоқда

Буюк Британия 5G тармоғи учун жиҳозлар етказиб бериш бўйича Huawei ўрнига бошқа ширкат топишда ёрдам сўраб “Беш кўз” (Австралия, Канада, Янги Зеландия, АҚШ) разведка альянсидаги ҳамкорларига мурожаат қилмоқчи. Бу ҳақда The Financial Times хабар қилди.

Нашр маълумотларига кўра, муқобил жиҳоз етказиб берувчини қидириш ишига Ҳиндистон, Жанубий Корея ва Япония ҳам жалб қилиниши мумкин. Газета манбалари мамлакатлар Huawei’га рақиб бўлган қўшма корхона ташкил этишлари мумкинлиги ҳақида маълум қилганлар. Бироқ илк муҳокамалар ҳали конкрет ҳаракатларга олиб келганича йўқ.

Лондон Хитойнинг Huawei корпорацияси хизматларидан воз кечмоқчи экани ҳақида июль ойи бошида маълум бўлганди. Оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, Британия махсус хизматлари АҚШнинг бу ширкатга қарши санкциялари 5G тармоқлари учун етказиб бериладиган жиҳозлар сифатида салбий акс этиши мумкин, деган фикрдалар. Жумладан, Huawei АҚШдаги ишлаб чиқарувчилар томонидан етказиб бериладиган бутловчи қисмлардан маҳрум бўлади ва ички бозорда бошқа муқобил вариантларни излашга мажбур қолади.

The Financial Times нашрининг ёзишича, Британия бош вазири Huawei хизматлариан воз кечилгани ҳақида яқин кунларда эълон қилади. Манбаларга кўра, Лондон бозорга янги етказиб берувчиларни олиб чиқиш ва очиқ бошланғич кодли технологияларга инвестиция киритиш ниятида.

Бу ғоя танқидчилари Huawei’никига муқобил бўлган саноат жиҳозларини яратиш жуда қийин бўлишини айтмоқдалар.

Ўтган йил майида Вашингтон Пекинни Huawei ширкати ишлаб чиқарган 5G мобил алоқа тармоғи жиҳозлари орқали жосуслик қилишда айблаб, корпорацияга қарши санкциялар жорий қилган.

АҚШ ширкатларига мазкур компанияга жиҳоз ва технологиялар (шу жумладан, Android операцион тизими) сотиш тақиқлаб қўйилган. Жиҳоз ва хизмат етказиб берувчи АҚШ ширкатлари бу чекловлар ортидан миллиардлар доллар йўқотишлари мумкинлигини билдирганлар. Пировардида Вашингтон Huawei’га дастур таъминотини янгилаш ва тармоқларни қўллаб туришга вақтинча рухсатнома берган.