Коронавирус қурбонлари: Тошкентда ўтган суткада яна икки аёл ва бир эркак вафот этди

Ўзбекистонда 13 июль куни коронавирус юқтириб олгани тасдиқлангани ортидан яна 3 бемор оламдан ўтди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумотига кўра, душанба куни вафот этган 67 ёшли М.Т. (аёл) ҳам, 65 ёшли С.Қ. (аёл) ҳам, 60 ёшли Б.Э. (эркак) ҳам Тошкент шаҳрида истиқомат қилиб келишган.

Вазирлик уччала беморда ҳам ҳамроҳ касалликлар бўлганини қайд этади.

ССВ шифокорлар томонидан ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамай, уч бемор ҳам ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этганини билдирган.

Шу тариқа Ўзбекистонда COVID-19 инфекциясига чалингани ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 63 нафарга етган.