Мирзиёев ҳокимларга ҳар куни ижтимоий тармоқлардан тушган саволларга жавоб бериш вазифасини юклади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистонда ҳокимлар бундан буён кунига 2 соат ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан тушган саволларга жавоб беришлари лозим. Бундай вазифа президент Шавкат Мирзиёев томонидан 14 июль куни Тошкентда ўтказилган видеоселектор йиғилиши аввалида қўйилди.

Ҳокимларга шундай топшириқ: эрталаб бир соат – 8 дан 9 гача, кечқурун 9 дан 10 гача (яъни 21.00 дан 22.00 гача – таҳр.) ижтимоий тармоқлардан тушган саволларга мукаммал жавоб берасизлар. Халқимиз ҳамма нарсани билиши керак”, деган президент Мирзиеёв.

Эпидемиологик вазиятга тўхталган Ш. Мирзиеёв, президент матбуот хизмати маълумотига кўра, бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев ва соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновга бир кун муддатда амалдаги тест-таҳлил топшириш жараёнини қайта кўриб чиқиб, аҳоли учун қулай тизимни ишлаб чиқишни топширган.

Айни пайтда президент вилоят, шаҳар ва туманларда маҳаллий кенгашлар, жойлардаги ҳокимлик ва бошқарув идоралари ўз ҳудудидаги вазиятни чуқур таҳлил қилиб, Республика комиссияси билан келишилган ҳолда карантин қоидаларини қаерда зарур бўлса кучайтириши, қаерда зарур бўлса юмшатиши лозимлигини урғулаган.

Ҳеч кимга сир эмас, бу йилдан бошлаб озиқ-овқат масаласи дунё миқёсида ҳал қилувчи ўринга чиқади. Чунки коронавирусни енгиш ҳам, халқ фаровонлигини таъминлаш, жамиятда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш ҳам аввало шунга боғлиқ. Шунинг учун бизда доимо уч ойлик озиқ-овқат захираси шай туриши керак”, деган Ш. Мирзиёев.