Тожикистон: “Ишқобод” чегара заставасига ҳужум қилганлар 2 йилдан 27 йилгача қамалди

Ҳужум жойидан лавҳа, 2019 йил 6 ноябри (Тожикистон ИИВ фотоси).

Тожикистоннинг Ўзбекистонга яқин ҳудудидаги “Ишқобод” чегара заставасига ҳужум қилган етти нафар жангари мамлакат Олий суди томонидан 2 йилдан 27 йилгача озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Тожикистон бош ҳарбий прокурори Икром Зоирзода 14 июль куни Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида билдирган.

Озодликнинг тожик хизмати саволига жавоб берар экан, Зоирзода ҳужумчиларнинг ҳаммаси Тожикистон ватандошлари бўлганини қайд этган.

Жорий йил бошида Олий суд раиси Шермуҳаммад Шоҳиён мазкур ҳодиса юзасидан 9 кишининг иши кўрилаётгани ва улар устидан маҳкама ёпиқ бўлишини айтган.

“Ишқобод” чегара заставасига ҳужум 2019 йил 6 ноябрида тонгги соат 3:23 да содир этилган. Ҳужум натижасида, расмий маълумотларга кўра, бир чегарачи ва бир милиция ходими ҳалок бўлган, ҳодиса чоғида ҳужумчи жангарилардан 15 нафари отиб ўлдирилган.

Кейинроқ Озодликнинг тожик хизмати чегара заставасига ҳужум пайтида аслида 5 нафар чегарачи ва бир милиция ходими ўлганини аниқлаган. Расмийлар бу маълумотни тасдиқламаганларидек инкор ҳам қилмаганлар. Ўшанда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳужумчилар 20 киши бўлгани, ИШИД аъзоси бўлган бу одамлар Афғонистондан Тожикистонга ўтиб келганини билдирганди.

Мазкур ҳужум учун масъулиятни ИШИД ўз зиммасига олган бўлса-да, расмий талқин жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари орасида турли шубҳа ва тахминлар уйғонишига сабаб бўлди. Афғонистон расмийлари ва Тожикистон ҳукуматидаги ишончли манбалар ҳужумчилар давлат чегарасини кесиб ўтганига оид маълумотларни рад этиб келмоқда.