Жаҳон бўйлаб коронавирус қурбонлари сони 600 мингдан ошди

COVID-19 дан вафот этган беморни дафн этиш жараёни, Москва, 2020 йил 15 майи.

Коронавирусга чалингани ортидан вафот этганлар сони дунё бўйлаб 605 205 нафарга етди. Бу рақам Жонс Ҳопкинс университети статистикасида акс этган.

Университет тақдим этган маълумотларга кўра, айни пайтда жаҳонда COVID-19 инфекцияси юқтириб олганларнинг умумий сони 14,5 миллионга яқинлашиб қолган.

Ўлим ҳолатлари бўйича дунёда биринчи ўринда АҚШ боряпти. Бу ерда 3 773 206 киши коронавирусга чалинган, инфекция туфайли 140 мингдан зиёд бемор вафот этган.

Беморлар сони 2 миллиондан ошган Бразилияда вафот этганлар сони 80 мингга яқинлашган.

Ўлим сони бўйича дунёда учинчи ўринда Буюк Британия (45 мингдан зиёд) бормоқда. Айни пайтда бу мамлакат хасталикка чалинганлар сони бўйича 9-ўринни эгаллаб турибди.