Қирғизистонда СOVID-19 га чалинганлар сони 29 мингдан, Қозоғистонда 75 мингдан ошди

Иллюстратив сурат.

Қирғизистонда ўтган кеча-кундузда COVID-19 билан боғлиқ (U07.1 ва U07.2 кодлари остида) 1108 та ҳолат тасдиқланди, 44 нафар бемор вафот этди. Бу ҳақда 22 июль куни Бишкекда ўтказилган брифингда Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийси Айнура Ақматова билдирган.

Қирғизистонда инфекция юқтириб олганларнинг умумий сони 29359 нафарга етган, улардан 15 851 нафари соғайиб кетган, 1123 бемор оламдан ўтган.

Қозоғистонда эса сўнгги кеча-кундузда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 1685 та янги ҳолат қайд этилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, хасталаниш ҳолатлари энг кўп Олмаота шаҳри (241 та), Шарқий Қозоғистон вилояти (238 та) ҳамда пойтахт Нур-Султонда (213 та) аниқланган.

Қозоғистонда инфекция юқтириб олганлар умумий сони 75153 нафарга етган, улардан 46790 нафари соғайган. Расмийлар COVID-19 важидан мамлакатда 610 бемор қазо қилганини билдирганлар. Бунга пневмониядан вафот этганлар кирмайди.