Дори-дармон ва тиббий буюмларни Ўзбекистондан олиб чиқиб кетиш вақтинча тақиқланди

Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникаларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига олиб чиқилиши (реэкспорт божхона режими бундан мустасно) 2020 йил 1 октябрига қадар вақтинчалик тўхтатилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 22 июль куни қабул қилинган “Коронавирус пандемияси даврида дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар муомаласини тартибга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида айтилади.

Бунда айрим дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникаларни экспорт қилишга рухсат Республика махсус комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Агентликнинг қўшма хулосаси асосида рухсат берилади.

Ҳужжат билан Давлат божхона қўмитаси ҳамда Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларига Ўзбекистон ҳудудидан дори воситалари ва тиббий буюмларнинг ноқонуний олиб чиқиб кетилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш вазифаси юклатилган.