АҚШ ва Россия фазо хавфсизлиги масаласини муҳокама қилади

Учрашув Австрия пойтахти Венада бўлади.

27 июль куни АҚШ ва Россия расмийлари учрашиб, етти йилда илк маротаба фазо хавфсизлигини муҳокама қилади. Бунга Москванинг сунъий йўлдошларга қарши қурол устида ўтказган синовлари туртки бўлди.

Учрашув Австрия пойтахти Вена шаҳрида бўлиб ўтади. Бу ҳақда 24 июль куни АҚШ Давлат департаменти маълум қилди. Фазо хавфсизлиги масаласида Россия ва АҚШ ўртасидаги сўнгги учрашув 2013 йилда бўлиб ўтган эди.

Ўтган ҳафтада АҚШ ва Британияни Россияни 15 июль куни сунъий йўлдошларга қарши қуролли синовдан ўтказишда айблади.

Москва айбловларни рад этиб, амалиёт давомида бир йўлдош иккинчисини текширганини билдирди. Шунингдек, Москва Вашингтон ва Лондонни аксилроссия риторикага берилишда айблади.

Аммо АҚШ ва Британия ҳарбийлари синов давомида ўқ узилганини айтмоқда. АҚШ расмийларига кўра, Россия 2017 йилда ҳам худди шундай синов ўтказган.

АҚШ давлат котибининг халқаро хавфсизлик ва қуроллар тарқалиши олдини олиш масалалари бўйича ўринбосари Кристофер Форднинг сўзларига кўра, Россия тез суратда сунъий йўлдошларга қарши қуролларни яратмоқда. Бу эса Вашингтонни хавотирга солмоқда.

Форд АҚШ фазо хавфсизлиги масаласида Хитой билан ҳам музокаралар олиб бораётганини айтди.