Расман: ОТМ ва академик лицейлар сентябрдан масофавий таълимга ҳозирлик кўрмоқда

Олий таълим муассасалари (ОТМ) ва академик лицейлар 2020/2021-ўқув йили бошида машғулотларни масофавий тарзда олиб боришга ҳозирлик кўрмоқда.

Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот котиби Фарҳод Бабашев маълум қилди:

"Анъанавий таълим шаклида ўқув йилини бошлаш режалаштирилган эди. Республикада эпидемиологик вазиятнинг барқарорлашиш шароитидан келиб чиқиб, Олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратурасининг юқори курс талабалари ҳамда академик лицейларнинг 2-курс ўқувчиларига янги ўқув йилини 2020 йилнинг сентябрь ойидан масофавий шаклда бошлашга ҳам тайёргарлик кўрилмоқда".

Расмий баёнотда, масофавий таълим ОТМнинг юқори курс ва академик лицейларнинг 2-курси учун ҳозирланаётгани айтилмоқда.

Бу ҳолда, бу йил ўқишга қабул қилинадиган 1-курс талабалари ўқишга қатнайдими ва агар қатнаса, улар учун таълим муассасаларида ўқиш қандай ташкил қилинади - бу ҳақда ҳозирча аниқ маълумот берилмади.

22 июль куни брифинг ўтказган Давлат тест маркази бош бошқарма бошлиғи Барно Ражабов ОТМга кириш имтиҳонлари сентябрда ўтказилиши ҳам мумкинлиги ҳақида маълум қилган эди.