Қирғизистон август ойидан 4 мамлакат билан авиаалоқани тиклаши мумкин

Бишкек яқинидаги "Манас" халқаро аэропорти (архив сурати).

Қирғизистон шу йил 1 августидан 4 мамлакат – Россия, Туркия, Қозоғистон ва Бирлашган Араб Амирликлари билан авиаалоқани тиклашни режаламоқда. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизматига Фуқаро авиацияси агентлиги директори Қурманбек Ақишев маълум қилган.

Мулозимга кўра, ҳозирда бу борада тегишли музокаралар олиб борилмоқда.

“Биз 1 августдан режалаяпмиз, бироқ ҳаммаси бу мамлакатларнинг шартларига боғлиқ бўлади. Масалан, Россия билан 1 августдан чегараларни очишга имкон бўлмаслиги мумкин. Ҳали у ёқдан жавоб олмадик. Туркия розилик бергандай бўлди, бироқ ҳали якуний қарорга келинмаган, музокаралар давом этмоқда. Қозоғистон билан БААдан ҳам ҳали аниқ жавоб келгани йўқ”, деган Ақишев.

Қирғизистонда мунтазам халқаро авиақатновлар коронавируснинг янги тури бўлган COVID-19 тарқалиши қабатида март ойи ўрталаридан тўхтатилган. Аввалроқ мамлакат аэропортларини халқаро йўналишлардаги парвозларга 15 июндан ҳозирлаш режаси очиқланганди.