Рақобатга оид қонунчиликни бузган “UzAuto Motors”га нисбатан иш қўзғатилди

Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан олиб борилган текшириш натижалари бўйича “UzAuto Motors” акциядорлик жамияти томонидан “Рақобат тўғрисида”ги қонун талаблари бузилиши ҳолатлари аниқланган ва АЖга нисбатан иш қўзғатилган. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қўмита вакиллари мазкур амалиёт “ҳукумат топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида ҳамда фуқаролардан ёзма ва оммавий ахборот воситалари орқали келиб тушаётган мурожаатларни инобатга олган ҳолда” ўтказилганини қайд этганлар.

Текшириш “Рақобат тўғрисида”ги қонун ва соҳани тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлар талабларига риоя этилиши, шу жумладан, ишлаб чиқарилаётган енгил автомобиллар таннархи шаклланиши ва нарх қўлланилиши асослилиги юзасидан қўмитанинг ваколатлари доирасида ўтказилган.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси “UzAuto Motors” АЖга нисбатан қўзғатилган иш юзасидан қўмита махсус комиссияси томонидан тегишли қарор қабул қилинганидан сўнг унинг натижаси бўйича қўшимча маълумот тақдим этилишини билдирган.

Аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ўз Телеграм-канали орқали “UzAuto Motors” масаласи бўйича уч депутат томонидан “Парламент назорати” шаклида Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Н. Шариповга тегишли депутатлик сўрови юборилганини маълум қилганди.